Адлия вазирлиги мусодара қилинган Гулнора Каримова активларига оид муносабат билдирди

Гулнора Каримова. Maxpark.com сайти фотосурати

Асосий бенефициари Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бўлган Takilant компаниясига Швейцария музлатиб қўйган активларни қайтариб бўлмайди. Сабаби, АҚШ расмийлари судга мурожаат қилиб, мазкур маблағни ҳибсга олиш учун ордер юборган. Бу ҳақда «Газета.уз» Адлия вазирлиги матбуот хизматига таяниб маълум қилади.

«Ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Г. Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган», — дейилади вазирлик хабарида.

Матбуот хизматига кўра, «ОАВда эълон қилинган маълумотларда суд қарорининг барча тафсилотлари ошкор этилмаган, бу эса ушбу иш бўйича ишончли маълумотларни кенг жамоатчиликка объектив етказишга тўсқинлик қилмоқда». Қарор якуний эмас, чунки унда томонлар, хусусан, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга, деб тушунтиради Адлия вазирлиги.

Бундан олдин Швейцария федерал жиноят суди Гулнора Каримова жиноий иши доирасида музлатиб қўйилган маблағлардан Takilant компаниясига қарийб $70 млн қайтаришга қарор қилгани тўғрисида хабар берилганди. Тергов ушбу активлар жиноят натижасида қўлга киритилганлигини аниқлай олмади, дейилади Федерал жиноят суди баёнотида. Қолган 293 миллион доллардан ортиқ маблағ мусодара қилиниши керак, зеро бу ишда иштирок этган бир неча киши, жумладан Каримованинг ўзи ва унинг ёрдамчиси жиноий даромадларни ўзлаштиришда айбдор деб топилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда