Ҳозирда Қизилўрдадан Учқудуққа Ўзбекистоннинг қатор вилоятлари орқали етиб бориш мумкин. Карта скриншоти
Қозоғистон ва Ўзбекистон Қизилўрда – Учқудуқ автомобиль йўлини қуради. Томонлар қурилиш режасини декабрь ойида имзолаган, деб хабар беради Lsm.kz Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигига таяниб.
Қурилиш қиймати 75 миллиард тенге ($173 млн), жумладан назорат-ўтказиш пункти қурилиши 5 миллиард тенгега баҳоланмоқда. Магистрал йўл узунлиги 280 км, жумладан 140 км Қозоғистон ҳудудидан ўтади
Ҳозирда Қизилўрдадан (Қизилўрда вилояти) Учқудуққа (Навоий вилояти) бориш учун Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларидан ўтиб, ўртача 1200 км масофани босиб ўтиш керак. Сафарнинг давомийлиги тахминан 20 соат.
Йўлнинг техник-иқтисодий асослари 2024-2025 йилларда ишлаб чиқиш режалаштирилган, қурилиш икки-уч йил давом этади.
Мазкур автомобиль йўлини қуриш ташаббуси Ўзбекистонга тегишли. «Биз бу лойиҳани Тошкент вилояти орқали ўтадиган асосий транспорт оқимларини камайтириш мақсадида илгари сурдик, – деганди жорий йил январ ойида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов.
Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигининг хабар беришича, йўл Марказий Осиё давлатларини Қозоғистоннинг жанубий, марказий ва шимолий ҳудудлари орқали Россия билан бирлаштиради. Йўналиш Қизилўрда – Жезқазғон – Павлодар – Россия чегараси халқаро коридорининг бир қисмига айланади.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Қизилўрда – Учқудуқ янги темир йўл линиясини қуриш ташаббуси билан чиққан. Қўшма ҳаракатлар режаси аллақачон имзоланган, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун иқтисодий таҳлил қилиш керак.
Октябрда 2023-2025-йиллари Қозоғистонда узунлиги 106 км бўлган Дарбаза – Мактаарал янги темир йўл линияси қурилиши хабар қилинганди. Нархи 161,8 миллиард тенге ($373 млн)га баҳоланган бу йўл мавжуд «Сариоғаш» назорат-ўтказиш пунктини енгиллаштиради ва Ўзбекистон орқали ўтмасдан, Мақтаарол вилоятини асосий темир йўл билан боғлайди. Янги линия туфайли ўтказувчанлик икки баробарга ортади. Ўзбекистондан поездларни қабул қилиш ва етказиб бериш кунига 26 мартадан 50 мартагача оширилади. Юкларни ташиш муддати бир ярим баробарга қисқаради.
2022-2025-йиллари Қозоғистон 160 миллиард тенге ($367 млн) эвазига Туркистон-Чимкент-Тошкент йўналишида 260 километр узунликдаги тезюрар темир йўл қуриш ниятида. Йўл икки соат вақт олади, ички сайёҳлар оқими эса 4,5 миллион кишига етади.



