Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 августни «Тадбиркорлар куни» деб белгилаш тўғрисида қонунни имзолади. Қонун лойиҳаси 19 ноябрь куни Қонунчилик паласида қабул қилиниб, 15 декабрда Сенат томонидан маъқулланди.
Сана тасодифан танланмаган: жорий йилнинг шу куни давлат раҳбари илк бор очиқ мулоқот тарзида мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди. Тадбирда сўзга чиққан Мирзиёев 20 августни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилиш ва ҳар йили шундай учрашувлар ўтказишни таклиф қилди.
«Энди ҳар йили айнан шу куни Президентнинг бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилади. Бир йиллик ишларимиз натижалари сарҳисоб қилиниб, энг илғор бизнес вакиллари айнан шу куни давлат мукофотлари билан тақдирланади. Ишончим комил, бугун бошланган янги анъанамиз тадбиркорлик соҳасида йил давомида ишлайдиган самарали тизимга айланади», — деди президент.