Тошкентда «Олтин Ҳумо» миллий киномукофотининг тантанали маросими бўлиб ўтди

ЎЗБЕКИСТОН КИНЕМАТОГРАФИЯ АГЕНТЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

22 деабрь куни Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси «Олтин Ҳумо» миллий киномукофотининг тантанали маросимини ўтказди. Тадбир Киночилар уйида бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон кинематография агентлиги матбуот хизмати.

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган «Илҳақ» бадиий-тарихий фильми энг яхши фильм деб топилди. Лента реал воқеаларга асосланган бўлиб, унда Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия Зокированинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

«Илҳақ» фильмининг гуруҳ аъзоларига «Олтин ҳумо»нинг яна бешта номинацияси бўйича совринлари топширилди: «Энг яхши аёл роли» (Дилором Каримова), «Энг яхши оператор» (Жаҳонгир Иброҳимов), «Энг яхши либослар дизайнери» (Зуҳра Ғаниева) ), Зилола Собирова «энг яхши визажист», Анвар Файзуллаев «энг яхши овоз режиссёри» деб топилди.

Али Ҳамраевнинг «Халқ жасорати» фильми энг яхши ҳужжатли фильм деб тан олинди. Энг яхши анимацион фильм деб режиссёр Абдулатиф Ҳайдаровнинг «Автосаргузаштлар 4» фильми топилди.

«Рангсиз тушлар» фильми муаллифларининг иши бирданига учта мукофот билан тақдирланди. Аюб Шаҳобиддинов энг яхши режиссёр, Убайдулла Каримов энг яхши кино бастакори, энг яхши сценарий мукофоти Умид Ҳамдамовга топширилди.

Ушбу лентада суратга тушган Карим Мирҳодиев «Энг яхши эркак роли» мукофотига сазовор бўлди. Маросимда мазкур фильмнинг номи икки марта янгради – энг яхши компьютер графикаси учун мукофот лента устида ишлаган Дилшод Латифхўжаевга топширилди.

Хуршид Алихўжаев («Тенгиз» фильми) энг яхши монтаж, Исобек Эгамбердиев («Қўқон шамоли» ) энг яхши рассом иши бўйича тақдирланди.

«Томошабин меҳрини қозонган фильм» соврини «Қор ёғмоқда, оппоқ қор» фильми муаллифи, режиссёр ва сценарист Рихсивой Муҳаммаджоновга (вафотидан сўнг) топширилди.

«Олтин Ҳумо» миллий киномукофотининг биринчи тантанали маросими 2019 йилда бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил апрель ойида уни ҳар йили ўтказиш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ