Мудофаа вазирлиги қўшинлари оғир жисмоний ва психологик босимли мураккаб синовлардан ўтказилган

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

2021 йили Мудофаа вазирлиги қўшинлари оғир жисмоний ва психологик босимли мураккаб синовлардан ўтказилган. Бу ҳақда Мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар қилади Senat.uz.

НАТО армиялари тажрибасидан келиб чиқиб, 6 та полигонда 45 км мажмуавий йўлаклар қурилган. Мазкур комплексларда разведка, махсус ва десант бўлинмаларини барча шахсий таркиби оғир жисмоний ва психологик босимли мураккаб синовдан ўтказилган.

Мудофаа вазирлиги қўшинларини доимий жанговар шайлигини ушлаб туриш мақсадида 1 100 дан ортиқ тўсатдан текширувлар реал жанговар вазиятларга яқинлаштирилган шароитда ўтказилган. Натижада тезкор тайёргарлик тадбирлари сони ўтган йилга нисбатан 2 бароварга ортиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлиги оширилган.

Ҳарбийларга жанговар тайёргарлик машғулотларини сифатли ўтказиш ҳамда муносиб хизмат шароитларини яратиш мақсадида 20 та полигон янгидан қурилиб таъмирланган ҳамда замонавий ўқув-моддий база билан жиҳозланган. Улардан 12 таси халқаро талабларга мос равишда қурилиб, ҳарбий мусобақаларни соҳа йўналишлари бўйича ўтказиш ҳамда мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини оширишга йўналтирилган.

Global Firepower халқаро қуролли кучлар рейтингига кўра, 2021 йили Ўзбекистон армияси аввалги йилга нисбатан ўз позициясини яхшилаган ва 51-чи қаторни эгаллаган. У Марказий Осиёдаги энг кучли армия ҳисобланади. 2017 йилги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасида Ўзбекистон ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламаслиги, барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуриши таъкидланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ