Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги гуманитар ёрдамни юборди

Афғонистон учун жўнатилган гуманитар ёрдам. Сурхондарё вилояти хокимлиги матбуот хизмати фотосурати

23 декабрь куни Ўзбекистондан 63 вагонда озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда кўмир маҳсулотларидан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдами Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига жўнатилди.

Ўзбекистон Афғонистонга сентябрь ойидан бошлаб гуманитар ёрдам кўрсатмоқда. Биринчи поезд қўшни давлатга озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечакдан иборат 1300 тонна юк етказиб берганди.

Бундан ташқари, Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳрида шу йилнинг 1 октябридан 600 квадрат метр майдонга эга БМТ гуманитар маркази фаолият юритмоқда. У орқали халқаро ташкилот Мозори Шарифга юк машиналарини ёрдам билан жўнатади. Жумладан, 15 декабр куни Термиздан БМТнинг муҳтож афғонлар учун 40 тоннага яқин кўрпа-тўшак, ошхона буюмлари (идиш-товоқ) ва полимер плёнка каби керакли юклари жўнатилди.

Аввалроқ, БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг (ЖОД) Афғонистон бўйича директори Мери Эллен Макгроарти ҳозирда 22,8 миллион афғон доимий равишда тўйиб овқатланмаслиги, 8,7 миллион киши эса очликдан азият чекаётгани ҳақида маълум қилганди. Халқаро ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда афғонларнинг 98 фоизи «этарлича озиқ-овқат истеъмол қилмайди».

Афғонистонда фавқулодда гуманитар вазият жорий йилнинг август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг кескинлаша бошлади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ