Тошкент шаҳри Жиноят ишлари бўйича Олмазор суди «Шовотландия» кафесини ёқиб юборган ва натижада беш киши ҳаётига зомин бўлган икки шахсга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, деб хабар беради «Газета.уз».
Ҳукм 21 декабрь куни ўқилди. Ëнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли фуқаро Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг «а,в,д,ж,п» бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг «б,в» бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди.
Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, 26 ёшли судланувчи ҳам худди шундай жазога маҳкум этилди.
27 февраль куни эрта тонгда Тошкент шаҳридаги «Шовотландия» кафесида ёнғин чиқиб, бунинг оқибатида кафеда ишлаган ва яшаган 5 киши вафот этганди. Ҳолат юзасидан гумондор шу куниёқ қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.
Текширув аниқлашича, ёнғинни уюштирган шахс Matiz русумли автомашинада кафега келади ва унинг деворларга тез аланга олувчи суюқлик сепади. Ёнғин бошланганига амин бўлгач, воқеа жойини тарк этади.
Суд маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида «Шовотландия» кафесининг 644 млн 799 минг 538 сўмлик биноси ҳамда ундаги 420,4 млн сўмлик ошхона жиҳозлари тўлиқ ёнган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли икки нафар аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ёшли қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.
Тергов материалларига кўра, мудхиш воқеага кафе эгаси ва 36 ёшли судланувчи ўртасидаги жанжал сабаб бўлган. Жиноятчи ўзини алиби билан таъминлаш мақсадида ишни 26 ёшли шеригига буюради, ўзи эса уйида қолади.