Ўзбекистонда ёш тадбиркорлар учун $50 минггача имтиёзли кредитлар берилади

YUMH.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

2022−2024 йилларда ёш тадбиркорлар янги бизнес лойиҳалари учун Марказий банкнинг асосий ставкасида (ҳозирда 14 фоиз) уч йиллик имтиёзга эга етти йил муддатга кредитлар берилади. 21 декабрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов шунга доир қарор имзолади, деб хабар беради Spot.uz Адлия вазирлигига таянган ҳолда.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Миллий банкка $100 млн доллар пул ажратилган. Қарорга асосан, мазкур маблағлардан ёш тадбиркорларнинг янги бизнес лойиҳалари учун кредитлар ажратилади.

Кредит миқдори бир минг базавий ҳисоблаш миқдоридан икки минг БҲМ бўлади (ҳозирда 1 БҲМ — 270 минг сўм ёки $25) ёки 270 млн.дан 540 млн сўмгача ($25 минг – $50 минг) суммани ташкил этади.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар рўйхатидаги фуқаролар имтиёзли кредит олиш учун ариза топширишлари мумкин. Рўйхат Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда банклар томонидан тузилади. Рўйхатдагилар тадбиркорлик асослари ва бизнес кўникмаларини ривожлантириш бўйича бепул онлайн курсларини ўтаб, сертификат олишлари керак. Шундан сўнг улар имтиёзли кредит олишлари мумкин бўлади.

Аввал хабар берилганидек, 2022 йили Ўзбекистон ҳукумати оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратади. Келгуси йили оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги лойиҳалар учун 13 триллион сўм ($1,2 млрд) йўналтирилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ