UzAuto Motors компанияси жорий йилнинг 5 декабридан 17 декабрига қадар ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини чақириб олмоқда. «Чақириб олиш» дастури автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқ, деб ёзади компания матбуот хизмати.
Барча ишлар UzAuto Motors компанияси томонидан дилерлик марказларининг сервис хизматида ишлаб чиқарувчи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Автомобиллари чақириб олиш дастурига тўғри келган барча автомобиль эгалари дилерлик марказлари ёки компания томонидан огоҳлантирилади.
Компания матбуот хизмати хабарига кўра, корхона ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифати ва мижозлар талабини қондиришни ўзининг устувор вазифаси деб билади.
UzAuto Motors АЖ бош директори Бо Андерссон бу йил компанияга раҳбар бўлиб келгач, сифатни кескин ошириш ва ҳар қандай камчиликларга мутлақо муросасиз муносабатда бўлишни эълон қилгани хабар қилинади.
Бундан олдин UzAuto Motors компанияси Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti учун аризаларни қабул қилиш тўхтатилганини эълон қилиб, бу қарорни аввалдан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш ва логистик муаммолар, яримўтказгичларни етказиб беришдаги узилишлар сабаб издан чиққан оддий иш ритмига қайтиш билан изоҳлаган эди.
Бо Андерссон шу йилнинг август ойида UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain компаниялари бош директори этиб тайинланди. Бунгача у Япониянинг бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи Yazaki компаниясининг Европа бўлимини бошқарган, 2009 йилдан 2013 йилгача эса «Группа ГАЗ» компанияси президенти лавозимида ишлаган.