Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми бир ойда $462 миллионга қисқарган

Pixabay.com сайти фотосурати

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи олтин-валюта захиралари ҳажми бир ой давомида 462 миллион долларга камайган ва 1 декабр ҳолатига кўра — 34,75 миллиард долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, хорижий валютадаги активлар бир ой давомида 788 миллион долларга – 12,4 миллиард доллардан 13,2 миллиард долларга ошган.

Ой давомида захирадаги олтин нархи 1,2 миллиард долларга тушган — ҳозирда олтин захираси $20,44 млрд баҳоланмоқда. Шу билан бирга, олтин захираси тоннажи 12,1 дан 11,4 миллион троя унциясига камайган. Spot.uz қайд этишича, бу хорижда қимматбаҳо металлар савдоси қайта тикланганидан далолат беради – бунгача Марказий банк олтинни фақат май-июнь ойларида сотган.

Ҳозирда мавжуд захиралар 20 ойдан ортиқ импортни молиялаштириш учун етарли. Бу халқаро ташкилотлар томонидан ривожланаётган мамлакатлар учун тавсия этилган даражадан 3 ойлик кўп, дея қўшимча қилади нашр.

Захиралар мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» деб ҳам ҳисобланади — улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур ва захираларнинг етарлилиги шок ҳолатларнинг хусусиятига бевосита боғлиқ. Ўзбекистон захиралари кам диверсификацияланган бўлиб, асосан олтин ва хорижий валюта кўринишида сақланади.

Марказий банк олтин-валюта захиралари ҳажмини илк бор 2017 йил ноябрь ойида расман эълон қилганди. Ўша пайтда у 26 миллиард долларни ташкил этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ