2022 йил Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолига йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади. 20 декабрь куни республика президенти Шавкат Мирзиёев шу борада қарор имзолади.
Оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йил муддатга кредитлар берилади.
Чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши), камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга кредитлар берилади.
«Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.
Кредитлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ажратилади.
Дастурлар доирасида кредитлар устувор равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга ўзини ўзи даромадли меҳнат билан банд қилиш ёки уларнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга ажратилиши белгиланган.
Бундан олдин президент сабзавот ва мева етиштиришга ихтисослашган деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ўзбекистонликларга ўн йил муддатга 0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратиш бўйича топшириқ берган эди.
Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлар ва ёшларни касбга ўргатиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш дастурларига 13 триллион сўм ($1,2 млрд) ажратади. Томорқаларда фермер хўжалигини юритиш учун банклар 7 фоизли имтиёзли кредитлар ажратади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига биноан, 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 45 954 та оилавий корхоналар рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 43 122 таси фаолият юритмоқда.