Осиё тараққиёт банки ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган иккита объекти– Бухоро ва Хивани боғловчи темир йўлни электрлаштириш учун 162 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар беради.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Бухоро ва Хива шаҳарлари ўртасида 250 километр тезликда ҳаракатланувчи тезюрар Афросиёб поездлари қатнови йўлга қўйилади. Бу орқали Бухоро ва Хива ўртасидаги қатнов вақтини икки соатгача қисқартириш, Тошкентдан Хивага етти соатда етиб бориш имкониятини яратиш режа қилинмоқда.
«Бухоро-Хива» темир йўл линияси электрлаштирилгач, йиллик йўловчи ташиш ҳажми жорий йилдаги 280 минг кишидан 2026 йилга бориб 1 миллион кишигача оширилиши, юк ташиш ҳажми эса йилига 11,8 миллион тоннага етиши кутилмоқда.
«ОТБ лойиҳаси Хоразм вилоятини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлайдиган иқтисодий йўлак яратишга, пандемиядан кейинги туризмни тиклашга ёрдам беради ва Ўзбекистоннинг минтақавий транзит маркази сифатидаги ролини янада мустаҳкамлайди», – деб таъкидлайди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиёдаги транспорт ва коммуникациялар бўйича директори Ҳидеаки Ивасакининг эътироф этишича, лойиҳа қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. «Бу Ўзбекистоннинг кам углеродли транспортга ўтишини таъминлаб, темир йўл линиясини дизелдан электр тортиш тизимига ўтиш имконини беради, мамлакатнинг Париж келишуви бўйича олган ўз мажбуриятларини бажаришига кўмак беради», — дея қўшимча қилади Ивасаки.
Лойиҳа Хитойни Марказий Осиё орқали Европа билан боғлайдиган — Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲК) 2 коридорининг бир қисми ҳисобланади. Унинг амалга оширилиши темир йўл ташиш сурати ва сифатини ошириш орқали Ўзбекистоннинг минтақа ва хориж давлатлари билан савдо алоқаларини яхшилашга ёрдам беради, деб таъкидлайди ОТБ масъуллари.
«ОТБ, шунингдек, электрон чипталар тизимини жорий қилиш, аёлларни туризмни бошқаришга ўқитиш орқали лойиҳа зонасида туризм индустриясини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди»,-дейилади матбуот релизида.
Жумладан, ОТБ талаба қизларни темир йўл ва бошқарув ишларига жалб қилиш каби гендерга асосланган фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун $300 миқдорида техник ёрдам гранти ажратади.
Ўзбекистон 1995 йилда ОТБ га аъзо бўлганидан буён банк томонидан республикага 10 миллиард доллардан ортиқ кредит ва грантлар ажратилди. Мазкур маблағлар энергетика соҳасидаги (37 та лойиҳа учун $2,49 млрд), транспорт (37 та лойиҳа учун $2,05 млрд), молия (40 та лойиҳа учун $1,94 млрд) ва давлат секторини бошқариш (27 та лойиҳа учун $1,13 млрд) лойиҳалари ўртасида тақсимланди.