2022 йил январидан бошлаб Покистоннинг Pakistan International Airlines (PIA) авиакомпанияси Исломобод – Тошкент ва Карачи – Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш ниятини билдирди. Ушбу масала Ўзбекистон Транспорт вазирлигида Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда PIA авиакомпанияси раҳбарияти иштирокида ўтказилган учрашувда муҳокама этилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Транспорт вазирлиги биргина жорий йилнинг ўзида аэропорт хизматлари учун йиғимлар 42% га қадар туширилгани, зиёрат туризми йўналишида бажариладиган парвозларга эса 50% га қадар чегирмалар берилганини таъкидлади. Бу ишлар хорижий авиакомпанияларни Ўзбекистон авиация бозорига жалб этиш ниятида амалга оширилган.
PIA компанияси Покистоннинг миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Унинг бош офиси Жинна аэропортида жойлашган. PIA 24 та ички йўналиш ва йигирма еттита давлатни боғловчи 38 та халқаро йўналишда авиапарвозларни амалга оширади.
Бундан олдин, 2022 йил январь ойидан Qatar Airways аивакомпаниясининг Тошкентдан Доҳага мунтазам рейслар амалга ошириши тўғрисида хабар берилганди.