Корея Эксимбанки Ўзбекистон тиббиёт тизимидаги лойиҳалар учун $238 млн қарз ажратади

ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

Жанубий Кореянинг экспорт-импорт банки (Эксимбанк) Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар учун умумий ҳисобда $238,8 млн кредит ажратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Корея Эксимбанки президенти Банг Мун Кью билан ўтказган музокаралари якунига таянган ҳолда хабар беради.

Томонлар қиймати 88,8 млн доллар бўлган «Ўзбекистон Республикаси тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш» лойиҳаси ҳамда 150 млн долларлик «Онкологик клиникасини қуриш» лойиҳаси бўйича қарз шартномалари имзоладилар.

Учрашувда амалга оширилаётган лойиҳалар сони ўсишининг ижобий динамикаси қайд этилди. Жумладан, 2014-2017 йилларда Эксимбанк билан ҳамкорликда қарийб 180 млн. долларлик 4 лойиҳа ҳаётга жорий этилган бўлса, 2018-2020 йилларда 660 млн долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилди. Банк билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари — соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмавий ривожланиш соҳалари ҳисобланади.

2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури умумий қиймати 1,2 млрд долларга тенг бўлган 13 та лойиҳадан иборат бўлади

Музокаралар 16 декабрда бошланган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида ўтказилди. Сеулда олий даражаги учрашувлар, жумладан Корея парламенти раҳбарияти ва илғор компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ