Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис юқори палатаси матбуот хизмати хабар беради.
Жумладан, 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари 6,0 фоизни, шу жумладан, саноатда 7,0 фоизни, қурилиш соҳасида 8,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 3,3 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Келгуси йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 30,3 фоизи даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 трлн сўм ($18,6 млрд) ёки ялпи ички маҳсулотнинг 23,8 фоизи миқдорида белгиланган.
Хуллас, келтирилган рақамлар Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан чоп этилган «Фуқаролар учун бюджет» нашрида келтирилган маълумотларга мос келади. Жумладан, унда 2022 йили саноат соҳасида ўсиш 7,0%, қурилиш соҳасида – 8,1%, қишлоқ хўжалигида – 3,3% ва хизматлар соҳасида – 6,5% гача бўлиши прогноз қилинганди.
Ҳаражатлар 214,8 трлн сўм ($20 млрд.га яқин), ёки ЯИМ 25,6% (2021 йили ҳаражатлар 190,8 трлн сўм, ёки ЯИМ 26,4% бўлиши кутилмоқда).
Келгуси йили ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун 105 503,2 млрд сўм ($9,8 млрд) йўналтирилиши, ёки давлат бюджети умумий ҳаражатининг 49,1% бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат бюджетидан таълим соҳаси харажатларига 46,9 трлн сўм ($4,3 млрд.дан ортиқ), соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 трлн сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 трлн сўм йўналтириш белгиланган.
Шунингдек, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ҳам йўналтирилади.
Сенаторлар давлат бюджети маблағларидан адолатли ҳамда мақсадли фойдаланиш устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.