2021 йили қурилишлардаги қўшиб ёзишлар орқали давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш 16 баробарга ортган

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2021 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистондаги қурилиш-таъмирлаш ишларида давлат бюджети маблағларини қўшиб ёзишлар орқали ўзлаштириш ўтган йилга нисбатан 16 баробарга ортган ва 92 млрд сўм ($8,6 млн) миқдорида қўшиб ёзишлар аниқланган. Бу ҳақда Сенатнинг 15 декабрдаги йиғилишида таъкидланди, деб хабар беради Kun.uz.

Гап Молия вазирлиги давлат молиявий назорати томонидан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш-таъмирлаш жараёнларида аниқлаган рақамлар тўғрисида бормоқда.

«Ғазначилик қаерга қараяпти дейишади. Аммо ғазначилик биринчи навбатда кўпроқ унга тақдим қилинаётган ҳужжатлар тўғрилигини кўриши керак. Кўп ҳолларда нотўғри тақдим қилинган ҳужжатларни рад этади. Лекин ичидаги рақамлар тўғри ёки нотўғри эканини ходимлар кўра олмайди. Шунинг учун ҳам Давлат молиявий назорат департаменти буни текшириб боради», — деб тушунтирди Молия вазири Тимур Ишметов.

У рақамлаштириш жараёни ўсгани сари бу иш осонлашаётганини айтди.

«Буни узил-кесил ҳал қилиш учун Молия вазирлиги жараённи рақамлаштириш билан бирга, инвестиция дастурларидаги бюджет маблағларини қатъий назоратга олиш бўйича президент қарори чиққан. Бу орқали бюджетдан чиққан ҳар бир сўм маблағни назорат қилиш бўйича қарор қилинган. Бу маблағлар мақсадсиз ишлатилишининг олдини олишда қатъий қадам бўлади деб ҳисоблаймиз», — деди Ишметов.

Октябрда Молия вазирлиги давлат молиявий назорати жорий йилнинг январь ойидан сентябрига қадар давлат бюджети ҳаражати билан боғлиқ 728,8 млрд сўмлик ($68 млн) молиявий қонунбузарликлар содир этилганини маълум қилганди. Қонунбузарлик соҳасида маориф, тиббиёт тимзимлари ва автомобиль йўллари қўмитаси етакчилик қилаётганини аниқланган.

Текширувлар натижасида бюджет муассасалари харажатлар сметаси ва штат бирликларини асоссиз режалаштирилган маблағларини қисқартириш ва бошқа ноқонуний сарфларга чек қўйиш орқали 365 млрд сўмлик бюджет маблағини асоссиз сарфланишининг олди олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ