Ўзбекистонда хизматлар ва туризм соҳасини туман ва шаҳарларнинг аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб ривожлантириш зарур. Давлат раҳбари бу борада учта йўналишни белгилаб берди ва улар йирик шаҳарларни, аҳолиси 300 мингдан ортиқ ўртача шаҳар ва туманларни ва қолган туманларни қамраб олади. Ҳар бир йўналиш бўйича ривожланиш дастури ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мана шу ҳақда таъкидлаб ўтди.
Йирик шаҳарлар қаторига киритилган Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Мисол учун, пойтахтнинг Сергели туманидаги ер усти метроси атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш имконияти борлигини таъкидлаб ўтди президент.
«Пойтахт тадбиркорларининг шаҳар ҳудудида санъат, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик вакилларини кенг жалб қилиб, йирик «санъат кўчалари»ни яратиш таклифларини ҳам қўллаб-қувватлайман», — деди президент.
Мутасаддиларга музейлар фаолиятини яхшилаш, кўргазмаларини кенгайтириш ва туристлар учун янги йўналишлар очиш юзасидан кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, «Франция, Италия, Туркиядан реставратор ва музей иши мутахассисларини олиб келиб, барча музейларни замонавий қиёфага келтириш ва «омборда чанг босиб ётган» ноёб экспонатларни намойишга қўйишни» ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Яна бир масала – Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда «Такс фри» тизимини жорий этиш, шаҳар ичида «Дюти фри» дўконларини очиш орқали чакана савдо ҳажмини янада ошириш мумкин. Шу боис хорижий меҳмонларга харидлари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизимини барча туристик шаҳарларда йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Умуман олганда, Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида хизмат кўрсатиш соҳасида 750 минг иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.
29 та ўрта ва йирик шаҳар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп 6 та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилади. Бу борада кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан самарали фойдаланиш, енгил конструкцияли объектлар учун ер участкаларини аукционга чиқариш бўйича топшириқлар берилди. Шаҳарларда аксарият мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўринлар етишмаётгани сир эмас. Шу боис хусусий таълим хизматлари қамровини кенгайтириш, мактаб ва боғча қуриш учун ер майдонларини ажратиш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда Тошкент вилояти тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда ёшларни замонавий хизматларга ўқитадиган IT-академиялар ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Умуман, мазкур 35 та шаҳар ва туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 200 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилади.
Президентга кўра, республиканинг 158 та туманида хизмат кўрсатиш соҳасида 300 минг иш ўрни яратиш мумкин.
Хусусан, сайёҳлик масканлари бор 45 та ҳамда тоғли ҳудуддаги 40 та туманда туризм хизматлари кўпайтирилади.
Масалан, Шаҳрисабз туманининг Наврўз, Мираки, Оқдарё ва Ҳисор қишлоқларига йилига 500 мингга яқин саёҳатчилар келади. Агар шу ҳудуддаги 65 километр йўл таъмирланиб, интернет ва мобиль алоқа яхшиланса, хизматлар ҳажми 3-4 баробар ошиши мумкин. Натижада меҳмон уйлари, савдо ва овқатланиш шохобчалари очилиб, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади. Давлат раҳбари бундай туманларни зарур инфратузилма билан таъминлаб, ерларни тайёр лойиҳа билан аукционга чиқариш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этиш, меҳмон уйлари учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қайд этилганидек, саноати ривожланган 27 та туманда савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар хизматларига устуворлик берилади.
Қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда умумий хизматлар билан бирга, замонавий агрохизматлар ривожлантирилади.
Масалан, Қамаши туманида Агрохизматлар маркази, хусусий ветеринария корхоналари ташкил этилади. Туман марказида 200 тонналик совуткичга эга «Экобозор» қурилади ва мингта иш ўрни яратилади.
Туман ҳокимларига Қамаши мисолида шундай дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Келгуси йил 21 та туманда 10 минг оила учун «Янги Ўзбекистон» массивлари, мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Бу ҳам сервис ва савдони ривожлантириш учун жуда катта имкониятдир.
Чегара олдида жойлашган 25 та ҳамда халқаро автомагистрал ва темир йўл ўтган 100 та туман савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилади. Шу боис мутасаддиларга йўл бўйи хизматларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, қўшни давлатлар билан чегара пунктлари ва уларга борадиган йўлларда сервис инфратузилмасини тубдан яхшилаш бўйича давлат раҳбари томонидан кўрсатмалар берилди.
Истиқболда Ўзбекистонда 1,2 млн янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. 2022 йили ҳукумат хизматлар ва туризм соҳасини ривожлантириш учун $500 млн миқдорида маблағ йўналтиради.