Ўзбекистонда 4 млн тонна радиоактив чиқиндилар бор, лекин радиация юқори бўлган ҳудудлар йўқ. Бу ҳақда Саноат хавфсизлиги қўмитасининг радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғи Сардорбек Яқуббеков Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати.
«Республикада атроф-муҳитни мониторинг қилиш бўйича махсус дастур қабул қилинган. Дастурга асосан, экология ва геология қўмиталари билан ҳамкорликда керакли мониторинг ишлари олиб борилади.
Ўзбекистонда радиация миқдори нормадан юқори бўлган ҳудудлар мавжуд эмас», — дейди Яқуббеков.
Ўзбекистонда ушбу радиоактив чиқиндилар жойлашган ҳудудларини экологик соғломлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи ҳамда қатор давлатларнинг ҳомийлигида 2 млн евро миқдорида биринчи грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинган. Ушбу маблағлар ташкил қилинган гуруҳ фаолиятини қўллаб-қувватлашга, ҳамда Янгиобод ва Чоркесар шаҳарчаси атрофида сақланаётган радиоактив чиқиндиларни экологик соғломлаштиришга йўналтирилади.
Ўзбекистоннинг МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) билан 27 йиллик ҳамкорлиги давомида ташкилот республикага умумий ҳисобда 22,6 млн евро миқдорида ёрдам кўрсатди, радиация миқдорини ўлчайдиган жиҳоз ва ускуналар билан таъминлади.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, бу муаммо Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд. Масалан, Қозоғистонда — 240 млн. тонна, Қирғизистонда — 132млн. тонна, Тожикистонда — 42 млн.тонна радиоактив чиқиндилар бор.
Марказий Осиё республикаларида уран қазиб чиқиш 1930 йиллари бошланган ва СССР парчалангунга қадар давом этган. Радиоактив чиқиндилар махсус омборхоналарга жойлаштирилган. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда уран қазиб олинган ерларни қайтадан жонлантириш ва мазкур омборхоналарни мустаҳкамлаш ишлари бугунга қадар муҳим масала бўлиб қолмоқда.



