Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг 40 фоиз ходимлари вазифасидан озод этилди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

14 декабрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг ўз фаолиятида натижа бермаган 40 фоиз ходимлари вазифасидан озод этилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Ўта кескин руҳда кечган мажлисда тизимдаги ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилган, аксарият ҳудудларда тиббий хизмат сифати ҳануз талаб даражасида эмаслиги таъкидланган.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг энг катта қисмини сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ташкил этади.

Аҳоли ўртасида айрим касалликлар кўрсаткичлари йил сайин ошиб бормоқда. Жумладан, сўнгги беш йилда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари 20 фоизга кўпайган. Қолаверса, битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошган.

Ҳайъат йиғилишида соҳадаги бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатлар, тиббиётда давлат хусусий шерикчилик муносабатлари, тиббий суғурта, лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш масалалари тилга олинди.

«Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида бугунги замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик доирасида бошланган кадрларни янгилаш ислоҳоти келгусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, умуман, мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиши кўзда тутилган. Мазкур жараёнда аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлади.

Шу йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига Бехзод Мусаев янги раҳбар этиб тайинланди. У бунга қадар Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган. Аввалги вазир Абдулҳаким Тожибоев 2020 йил ноябрдан бошлаб бу тизимни аниқ бир йил бошқарди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ