Қорақалпоғистонда «Қизил китоб»га киритилган жайронларни овлаган шахслар қўлга олинди

Zaman.uz сайти фотосурати

Қорақалпоғистонда 12 декабрь куни Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган жайрон ва қуёнларни ноқонуний овлаган тўрт нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг матбуот хизмати хабар беради.

Номаълум шахслар Тахтакўпир тумани давлат инспекторлари яқинлашиб келаётганини кўриб, воқеа жойидан яширинадилар. Экоинспекторлар уларни қувлайди, бироқ браконьерлар қочиб, яширинишга улгурадилар.

Браконьерлар машинаси турган жойда қурол гилзаси, идиш, пичоқ, ёнилғи, шунингдек отиб ўлдирилган 14 бош жайрон ҳамда 5 дона қуён топилган. Протокол тузилиб, ашёвий далиллар суратга ва видеотасвирга олинган. Жиноятчилар келтирган зарар 190,5 млн сўм ($18 минг) миқдорида баҳоланган. Ҳодиса юзасидан инспекторлар Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига мурожаат қилганлар. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида номаълум шахслар аниқланган. Улар Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари фуқаролари бўлган. Айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси («Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш») 3-қисми «е», «ж» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ