Қобулнинг тинч аҳолисига нисбатан авиазарба берган АҚШ армияси ҳарбийлари шахсан жавобгарликка тортилмайдиган бўлдилар. Бу ҳақда Қўшма Штатлари Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Жон Кирби маълум қилди, деб хабар беради The Washington Post.
Эслатиб ўтамиз, 29 август да — Қобулда юзлаб афғон ва 13 нафар АҚШ ҳарбийлари ҳаётига зомин бўлган терактдан сўнг икки кун ўтиб, америкаликлар учувчисиз аппарат орқали гўёки худкуш-террорчи бошқариб бораётган автомобилга ҳаводан ракета зарбасини берадилар. Журналистларнинг аниқлашига кўра, авиазарбадан 10 нафар тинч аҳоли, жумладан етти нафар болакай ўлган. Матбуотдаги кўп чиқишлардан сўнг, АҚШ ҳарбийлари нишонга олишда адашганларини тан олдилар.
«Мен бу ерда шахсий жавобгарлик масаласини кўрмаяпман»,— дейди Кирби 14 декабрь куни журналистлар билан суҳбатда. У бўлиб ўтган ҳодиса моҳиятига эътибор қаратишни, авиазарба берилишида «шахсий жавобгарлик учун етарли асос бўлмагани»ни таъкидлайди.
Кирби сўзларига кўра, бўлиб ўтган воқеадан сўнг АҚШ ҳарбий кучларининг олий мартабали қўмондонлари Мудофаа вазирига қатор тавсиялар берган ва вазир уларни қабул қилган. Тавсиялар ичида шахсий жавобгарлик тўғрисида гап юритилмаган.
Октябрда Пентагон ҳалок бўлганлар қариндошларига товон пули тўлашини маълум қилди. Кирбига кўра, бу борада музокаралар ҳамон давом этмоқда.
АҚШ армиясининг учувчисиз аппарат билан авивазарба бериши Афғонистонда ҳукуматни «Толибон»* радикал ҳаракати эгаллаганидан сўнг америка ва коалиция кучларининг минглаб афғонларни бетартиб равишда эвакуация қилиши пайтида юз берди. Амалга оширилган операциялар натижасида америка ҳарбий-транспорт авиацияси ёрдамида икки ҳафта ичида 110 минг одам Қобулдан олиб кетилган. 31 август куни АҚШнинг сўнгги ҳарбийлари Қобулни тарк этдилар ва бу билан америкаликларнинг Афғонистондаги 20 йиллик миссияси якун топди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).