Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани «Кенгес» овул фуқаролари йиғинида «Юсуф ота» жоме масжиди очилди. Бу Ўзбекистонда фаолият юритаётган 2101-чи ва Қорақалпоғистонда 58-чи масжид ҳисобланади, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот маркази.
«Юсуф ота» масжидининг қурилиши 2020 йили бошланган бўлиб, у ишбилармонлар ва маҳаллий аҳоли ёрдамида қад кўтарди.
Бундан олдинги 57-чи масжид шу ойда Қанликўл тумани «Қос жап» овул фуқаролари йиғини ҳудудидан «Атажан хўжа» номи билан иш бошлаган эди.
Жорий йил июль ойи бошида янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Унда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилди, маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 нафардан 50 нафаргача қисқартирилди, жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишларини чеклов белгиланди, жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ бекор чиқарилиб, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.
Ўзбекистонда масжидлар диний муассасаларнинг 90 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, республикада 16 та конфессияни қамраб олувчи 180 та диний ташкилот фаолият юритади (2020 йил маълумоти). Улар қаторига православ ва католик черковлари, саккизта яҳудийлар жамияти, олтита баҳоий жамоалари, Кришна жамияти, Будда ибодатхонаси, Библия жамияти, тўлиқ Инжил насроний маркази, Инжил насроний-баптистлари черковлари иттифоқи ва бошқалар мавжуд. Барча конфессия раҳбарлари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг конфессия ишлари бўйича Кенгашига аъзо ҳисобланади.