Ўзбекистон ва АҚШ инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда икки томонлама солиққа тортишдан қочиш тўғрисида битимлар тузиш бўйича музокаралар бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати 13-декабр куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши якунидан келиб чиқиб хабар беради.
Мажлисда сиёсат ва дипломатия, иқтисодиёт ва тараққиёт, хавфсизлик, инсон ўлчови, маданий-гуманитар алоқалар йўналишларидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари доирасидаги муносабатлар юзасидан фикр алмашилди.
АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни фаол қўллаб-қувватлашга тайёрлиги маълум қилинди.
Томонлар «C5+1» механизми доирасидаги ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш ва ушбу форматни салмоқли натижаларга эришиш даражасига олиб чиқиш, терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш, Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакатни можародан кейинги тиклаш ва афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик борасида мулоқот илк бор ўтказилмоқда. 2020 йил ноябрда ҳар йили ўтказиладиган иккитомонлама консультацияларнинг янги босқичга кўтарилгани эълон қилинди. Мулоқот доирасида Ўзбекистон ва АҚШ сиёсий, хавфсизлик, иқтисод ва инсон ўлчовлари соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилади.
Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу раҳбарлик қилдилар.