Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида стратегик ҳамкорлик мулоқоти бошланди

Доналд Лу ва Абдулазиз Комилов. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг биринчи мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар беради.

АҚШ делегацияси таркибида Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчиси Кара Макдональд ва бошқа расмий вакиллар бор.

Мажлис олдидан Доналд Лу Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Аблулазиз Комилов билан музокаралар олиб борди. Улар икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий сиёсат борасида муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.

АҚШ томони Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини, шунингдек Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига кўмаклашиш ва турли соҳалардаги лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, Доналд Лу ва Кара Макдональд жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашишни режалаштирган. Макдональд Давлат департаментининг антисемитизмга қарши кураш бошқармасининг мансабдор шахси сифатида яҳудийлар жамияти билан ҳам учрашади.

Бундан олдин АҚШ сенаторлари Оқ уйни Ўзбекистон билан бўлажак мулоқотда инсон ҳуқуқлари масаласига урғу беришга ундагандилар. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларни тан олган ҳолда, сенаторлар матбуотда сўз эркинлигининг чекланаётгани ва сиёсий либераллик соҳасида ривожланиш йўқлигидан хавотирда эканларини маълум қилгандилар.

АҚШ делегация Ўзбекистондаги учрашувлардан сўнг Қозоғистонга ташриф буюради ва у ерда икки мамлакат стратегик ҳамкорлигига доир мажлисда иштирок этади. Делегациянинг минтақадаги сафари 16 декабрь куни якунланади.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик борасида мулоқот илк бор ўтказилмоқда. 2020 йил ноябрда ҳар йили ўтказиладиган иккитомонлама консультацияларнинг янги босқичга кўтарилгани эълон қилинди. Мулоқот доирасида Ўзбекистон ва АҚШ сиёсий, хавфсизлик, иқтисод ва инсон мезонлари соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ