«Толибон» ўз вазирларига бемаслаҳат хориж дипломатлари билан учрашишни тақиқлади

Толиблар ҳукумати раиси мулла Муҳаммад Ҳасан Охун. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ўз вазирлари ва бошқа мулозимларига янги ташкил этилган ҳукумат Ташки ишлар вазирлиги билан келишмаган ҳолда чет эл дипломатлари билан учрашишни тақиқлади. Бунга доир баёнот 13 декабрь куни «Афғонистон Ислом Амирлиги»**нинг Twitterдаги саҳифасида чоп этилди,

«Афғонистон Ислом Амирлиги Бош вазири [мулла Муҳаммад Ҳасан Охун] фармонига кўра, вазир ва мансабдор шахсларнинг Ташқи ишлар вазирлиги протокол департаменти рухсатисиз чет эл дипломатлари ва элчилари билан учрашиши тақиқланади», — дейилади баёнотда.

Шу билан бирга унда фармон асли ёки матни келтирилмаган.

Толиблар 7 сентябрь куни ҳукумат таркибини эълон қилдилар. У 33 нафар одамдан иборат.

Кейинчалик радикал ҳаракат янги тузилган вазирликлар ва уларга бириктирилган лавозимларни маълум қилди. Террорчилик ҳаракатлари учун бошқа давлатлар томонидан қидирувда бўлган ва БМТнинг санкциялар рўйхатига киритилган шахслар толиблар ҳукуматида олий мансабларни эгалладилар.

Толиблар ҳукуматининг кўпгина мулозимлари турли масалалар юзасидан чет эл ҳукумати, ташқи ишлар маҳкамаси, халқаро ташкилотлар вакиллари билан мунтазам учрашиб турадилар. «Толибон» вакилларидан бири берган баёнотни бошқаси томонидан инкор қилиниш ҳолатлари ҳам тез-тез юз бериб турди.

Дипломатлар билан ўтказилган учрашувлардан сўнг толиблар вазирлари томонидан эмас, «Толибон»нинг кўп сонли матбуот котиблари томонидан учрашувга шарҳлар берилиши ҳолатлари кўп кузатилади. Шунингдек, матбуот котиблари баёнотларни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қиладилар, журналистлар билан деярли учрашмайдилар. Уларда актуал мавзуларни четлаб ўтиш ва уларга изоҳ бермаслик — кенг тарқалган амалиёт ҳисобланади.

Қўшимча қилиб шуни айтиш лозим, бугунга қадар дунёнинг бирорта давлати толиблар ҳукуматини тан олмади. Кўпгина мамлакатлар тан олиш учун «Толибон» олдига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ эркинлигини кафолатлаш, турли афғон этник гуруҳларидан иборат ҳукумат тузиш ва унда аёлларнинг ишлашига рухсат бериш каби шартларни қўйганлар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ