Ҳиндистон «Эксимбанк»и Ўзбекистонда инфратузилма ва таълим соҳаси ривожи учун $448 млн ажратади

Сардор Умурзаков ва Маниш Прабхат музокараси. Mift.uz сайти фотосурати

Ҳиндистоннинг «Эксимбанк»и Ўзбекистонда инфратузилма ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 448 млн доллар миқдорида маблағ ажратади. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашувда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги ҳамда Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни тезлаштириш ва уларни қисқа муддатларда имзолаш долзарблигини таъкидладилар.

Шунингдек, учрашувда 2022 йилнинг биринчи чорагида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 13-йиғилишига тайёргарлик масалалари кўрилди.

«Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Ҳиндистоннинг Гужарот штати ўртасида муносабатларни фаоллаштириш чора-тадбирлари ўрганилди. Бундан ташқари, инвестициявий, савдо ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Фарғона вилояти ва Харяна, Бухоро ва Ҳайдаробод, Тошкент ва Нью-Деҳли шаҳарлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.

Учрашув якунида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида «Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида янги метрологик лабораторияни ташкил қилиш ва жиҳозлаш» ҳамда «Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан жиҳозлаш» лойиҳаларини амалга ошириш учун грант маблағларини ажратиш бўйича Ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ