2022 йил 1 январдан Тошкентда метро ва автобуслар йўлкира нархи 1400 дан 1700 сўмгача ( $0,13 дан $0,16 гача) оширилиши кутилмоқда, деб хабар беради «Газета.uz» нашри Тошкент шаҳар ҳокимининг «Янги тарифлар жорий қилиниши тўғрисида» қарор лойиҳасига таянган ҳолда. Қарор муҳокамаси 26 декабргача давом этади.
Унга кўра, шаҳар жамоат транспорти — автобус ва метрополитенда чекланган тариф бир йўловчи учун 1700 сўм, бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун — 3 000 сўм этиб белгиланиши назарда тутилгана.
Ҳужжатда шаҳар жамоат транспортидаги тарифлар тизимини мукаммаллаштириш «автоматлаштирилган йўлкира тўлов тизимини жорий этиш орқали» эришилишига урғу берилади. Москва ва Олма-Ота шаҳарлари тажрибасидан келиб чиқиб, карта орқали тўловлар амалга оширилишининг маъқуллиги таъкидланади.
«Хориж мамлакатлари тажрибасидан келиб, Тошкентда жамоат транспортида 1700 сўм нақд пулда йўлкира ҳақи белгиланиши тўлов шаффофлигини таъминлаши лозим. Бу транспорт картасидан фойдаланувчилар сони ва даромаднинг ортишига, шунингдек харажатларнинг камайишига хизмат қилади», — дейилади қарор лойиҳасида.
2022 йилда янги тарифларнинг жорий этилиши натижасида, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, «Тошшаҳартранcxизмат» ва «Тошкент метрополитени»нинг зарарлари камайиши мумкин. Бунинг оқибатида шаҳар бюджети харажатлари 128−130 млрд сўмга камаяди
Охирги марта пойтахтда жамоат транспорти учун нархлар 2019 йилнинг август ойида оширилган эди.