«Humo Air» авиакомпанияси Фарғона – Сўх – Фарғона йўналиши бўйича ҳафтасига икки маротаба- душанба ва жума кунлари мунтазам авиапарвозларни амалга ошира бошлади, деб хабар беради Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати. Фарғона – Сўх йўналишида соат 10:00да ва Сўх – Фарғона йўналишида соат 12:00да бажарилиши режалаштирилган. Авиақатновлар АН-2 самолётларида амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади.
Авиачипталарни Фарғона, Андижон ва Наманган аэропортлари ҳамда Сўх тумани ҳокимияти биносида харид қилиш мумкин.
Майдони 352 квадрат километрдан иборат Сўх тумани Ўзбекистоннинг Қирғизистон республикаси Боткен вилоятидаги эксклави ҳисобланади. Бу ерда, жумладан коммуникация масаласида ҳам икки давлат фуқаролари ўртасида жанжаллар бўлиб туради. 2021 йил апрель ойида Фарғона вилояти Риштон туманини Сўх билан боғлайдиган ягона автомобиль йўли очилди. У 2013 йили қирғизистонлик чегарачилар ва сўхликлар ўрасида бўлиб ўтган жанжалдан сўнг ёпилган эди. 2019 йил августда йўл очилди, лекин орадан икки кун ўтиб яна ёпиб қўйилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорга биноан Сўхда аэропорт барпо этилди. Аэропорт 7 гектар майдонни эгаллайди, учиш-қўниш йўлаги 700 метрдан иборат. Қурилиш ишларига давлат бюджетидан 6,8 млрд сўм ($638 минг) ажратилди.