Ўзбекистонда тайзиқ ва зўравонликка учраганлар бепул даволанади. Бу Президент томонидан имзоланган «Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунда кўзда тутилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати. Ҳужжат 10 декабрдан кучга кирган.
«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, меҳнат органлари оилавий муаммоларга ва зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтиришга кўмаклашади.
«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра эса, фуқаролар йиғинига – хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд бундай ишларга мойил бўлган шахсларни аниқлаш, ушбу шахслар билан олиб бориладиган профилактика ишларида иштирок этиш ваколати берилган. Фуқаролар йиғини раиси тазйиқ ва зўравонликка учраган ҳамда бу ҳақда мурожаат қилган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаш, мазкур фактлар тўғрисида тегишли аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига ҳамда ички ишлар органларига зудлик билан хабар бериш ваколатига эга бўлади.
Таъкидлаш жоиз, 2018 йилга қадар Ўзбекистоннинг Жиноий ва Маъмурий кодексларида ҳаттоки «уй зўравонлиги» атамаси бўлмаган. Кейинги уч йилда мамлакатда саккизта норматив-ҳуқуқий актлар, шунингдек оилада зўравонликка қарши профилактика тизимини мукаммаллаштиришга доир иккита қонун қабул қилинди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида 29 та аёлларни реабилитиация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. Улар давлат томонидан молиялаштирилади.
25 ноябрдан 10 декабрга қадар Ўзбекистонда дунёнинг 190 та мамлакатдаги бўлгани қаби «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси ўтказилди. Мазкур кампанияга 1991 йили Аёлларнинг глобал лидерлиги биринчи институти фаоллари асос солганди. Унинг маақсади — аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши каби тан олинишига қаратилган эди. Ҳар йили ташкилотчилар кампания шиорини танлайдилар. Бу йили кампания «Аёлларга нисбатан зўравонликка ҳозирда барҳам берамиз!» шиори остида ўтказилди.
Кампания доирасида Ўзбекистонда турли тадбирлар ўтказилди. Тошкент давлат юридик университети талабалари гендер зўравонликка қарши ажойиб бир видеоролик яратдилар.