Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ш.В. уч минг доллар пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. У бундай сумма эвазига фуқаронинг жиноий ишини тўхтатиб беришни вада қилган, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов.
Прокуратура маълумотига кўра, у қариндоши Ш. Н. орқали унинг таниши А.К. нинг ишончига кириб, унга нисбатан Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги жиноят ишини танишлари орқали тугатиб беришни ваъда қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 7 декабрь куни Ш. В. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди («Фирибгарлик»), 28, 211-моддаси 1-қисми («Пора бериш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Содир этилган жиноятга доир маълумот Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси «ишонч телефони» — 71-202-08-28 — орқали келиб тушган.
Бу ҳафта давомида Бош прокуратура раҳбарияти ходими томонидан содир этилган иккинчи жиноятнинг аниқланишидир. Бундан аввалроқ, назорат маҳкамасининг яна бир бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Т. 29 минг доллар миқдорида пора олган вақтида ушланган эди.
Ҳозирда Бош прокуратура томонидан давлат бошқаруви органларида коррупциянинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Шу боис прокуратура барча фуқароларни, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, журналист ва блогерларни мазкур жараёнда фаол иштирок этишга чақиради. Таклифларни @Antikor_tashabbus_bot манзилига юбориш мумкин.