Янги аэродром мажмуаси барпо этилганидан сўнг Самарқанд аэропорти очилди

Самарқанд аэропортининг янги терминали. Airport-technology.com сайти фотосурати

Самарқанд халқаро аэропорти 10 декабрдан минтақавий ва халқаро қатновларга хизмат кўрсатишни бошлайди, деб хабар беради Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

«Айни пайтда, узунлиги 3 105 метр ва кенглиги 60 метрлик учиш-қўниш йўлаги, самолётлар учун 24 та тураргоҳ, учиш йўлакчаси ва перронни ўз ичига олган янги аэродром комплекси қурилиши тўлиқ якунланди. Шунингдек, аэродром мажмуасида ИКАО иккинчи тоифасига мос келадиган, замонавий, энергия тежовчи ёруғлик сигнализация ускуналари ва қўниш тизими ўрнатилди», — дейилади хабарда.

Аэровокзал мажмуасининг қурилиши давом этмоқда. Аэропортнинг янги терминали очилган китоб шаклида қурилган. Унинг том қисмида юқоридан, айниқса қўниш пайтида кўзга ташланадиган юлдузлар туркимининг ёниб турадиган харитаси жойлаштирилади.

Самарқанд аэропорти реконструкциядан сўнг ўтказиш қобилиятини соатига 350 дан 1000 йўловчига оширади, йиллик йўловчилар оқими 450 мингдан 2 миллионга ортади, мунтазам рейсларнинг сони эса ҳафтасига 40 тадан 120 тага кўпаяди. Янги терминал қурилиши Enter Engineering компанияси томонидан олиб борилмоқда.

Самарқанд аэропорти 20 октябрь куни янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик кўриш муносабати билан ёпилган эди. Бу вақтда авиарейслар республиканинг бошқа — «Навоий», «Бухоро», «Қарши» халқаро аэропортларига вақтинча йўналтирилиб, йўловчилар учун Самарқандгача ерусти қатнови ташкил этилди.

1967 йили қурилган аэропорт халқаро стандартларга, кўпайиб бораётган йўловчиларга хизмат қилишга жавоб беролмаётгани боис , 2018 йили уни реконструкция қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Самарқандда 2022 йили Шанхай ҳалқаро ҳамкорлик самммити, 2023 йилда эса БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг (UNWTO) 25-сессияси ўтказилади. Ҳозирда шаҳарни дунё сайёҳлик марказига айлантириш мақсадида 212 гектар майдонда Samarkand Touristic Centre бунёд этилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ