Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми $7,3 миллиардни ташкил этган

Earlytorise.com сайти фотосурати

Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 11 ойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 7,3 млрд. долларга етган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати хабар беради.

Пул ўтказмалари аҳолининг истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда, дейилади банк хабарида. Шунингдек, улар сўмнинг алмашув курсига таъсир ўтказади: январь-ноябрь ойлари давомида сўм алмашув курси 10449-10787 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебранган.

Ноябрь ойида ташқи шароитлар ўзгаришига жавобан сўм алмашув курси девальвация суръатлари бироз тезлашган ва йил бошидан 3 фоизга қадрсизланган. Жорий йилда курс ўтган йилга қараганда анча барқарор бўлган. 2020 йил давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси йил бошига нисбатан (9501 сўм/долл.дан 10461 сўм/долл.гача) 10,1 фоизга қадрсизланган эди.

«Ички валюта бозоридаги вазият, сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси ва унга нисбатан юқори босимнинг мавжуд эмаслиги, Марказий банкнинг миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларини олдини олиш бўйича етарли имкониятларга эга эканлиги келгуси ойларда юқори девальвацион кутилмаларга асос мавжуд эмаслигини англатади», — дейилади МБ хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ