Тошкентда COVID-19дан вафот этган тиббиёт ходимлари хотирасига бағишланган хиёбон ташкил этилади

ТОШКЕНТ ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Тошкентда пандемия билан курашда жонини фидо қилган тиббиёт ходимлари хотирасига бағишланган акция бошланди. 11 декабрь куни эрталаб Ғалаба боғига кириш олдидаги майдончада Хотира хиёбонини ташкил қилиш ишларига старт берилади, деб хабар қилади пойтахт хокимлиги матбуот хизмати.

Акция ташкилотчилари — Ўзбекистон Ландшафт санъати уюшмаси, Олмазор туман ҳокимлиги, хусусий компания ва шахслардан иборат.

Ташаббусга бефарқ бўлмаган тошкентликлар дарахтларни экишда иштирок этиш ва лойиҳага ҳомийлик ёрдамини кўрсатишга таклиф этилади.

Биринчи босқичда чинор, қайрағоч ва акациялардан иборат 61 та дарахт экилади. Нега айнан шунча миқдорда дарахтлар танланганига аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 8 декабрь маълумотларига кўра, COVID-19 пандемияси бошланганидан бери республикада жами 1428 та одам вафот этган. Уларнинг орасида қанча тиббиёт ходимлари бўлгани номаълум: расмий рақамлар очиқланмаган. 2020-2021 йиллари коронавирусдан вафот этган врачлар хотирасига бағишланган «Фидокорлар» Telegram-каналида 600 дан ортиқ шифокорлар ўлгани таъкидланади. Бу канал аноним бўлиб, одатда тиббий ҳодимлар нимадан ва қачон вафот этганлари кўрсатилмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ