Халқаро олимпия қўмитаси афғон спортчиларига молиявий кўмак беради

TOLOnews телеканали сайти фотосурати

Ҳалқаро олимпия қўмитаси (ҲОҚ) Афғонистон спортчилари учун қиш мавсумида $560 минг миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда ҲОҚ президенти Томас Бах маълум қилди, деб ҳабар беради 9 декабрь куни «Ал Жазира» телеканали.

Ушбу маблағ БМТ Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлик бошқармаси орқали 2000 нафар олимпия ва паралимпия спортчиларига тақсимланади.

«Вазмин дипломатик муносабатларимиз туфайли толиблар ҳамон Афғонистонда яшаётган олимпия жамоаси аъзоларига гуманитар кўмагимизни етказиб бермоқдалар», — деди Бах.

Август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматни қўлга киритганидан сўнг, турли мамлакатлар миллий олимпия қўмиталари томонидан тақдим этилган гуманитар визалар орқали Афғонистондан 300 нафар спортчи, мураббий, мулозимлар эвакуация қилинди.

«Бу тугалланмаган иш. Эвакуация бошланган вақтга нисбатан ҳозирда гуманитар визани олиш мураккаб бўлиб қолган. Шунга қарамасдан, қатор мамлакатлар ҳукуматлари билан музокаралар олиб боряпмиз. Афғон спортчилари учун виза олиш секинлашгани боис, Афғонистонда яшаётган спортчиларни қиш мавсумида қўллаб-қувватлаш учун гуманитар ёрдамларимизни кучайтирдик», — дейди ҲОҚ раҳбари.

Шунингдек, Бах қўмита Қатардаги «Толибон» вакиллари билан Афғонистонда қолиб кетган спортчиларни, айниқса аёл ва қизларни олиб кетиш борасида музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.

«Биз толибларга спортда гендер, этник, диний ёки бошқа турдаги тенгсизликка йўл қўйилмаслик — Олимпия хартияси асосини ташкил этишини аниқ тушунтириб қўйдик», — деди Бах.

Шуни қўшимча қилиш лозим, Афғонистонда толиблар ҳукуматни эгаллаганидан сўнг аёлларнинг спорт билан шуғулланишини чеклаб қўйдилар. Маданият бўйича толиблар комиссияси раисининг ўринбосари Аҳмадулла Восиқ «Афғонистон Ислом Амирлиги»** аёлларнинг юз ва қоматни ошкор қиладиган спорт турлари билан шуғулланишига йўл қўймаслигини маълум қилди. Бу мамлакатда аёллар спортига тақиқ қўйилишини англатади.

Восиқнинг сўзларига кўра, Ислом дини аёлларга бирор зарурат сабаб кўчага чиқишга изн беради, спорт эса бундай зарурат турига кирмайди. Бироқ, Эрон, Покистон, Бирлашган Араб Амирлиги каби ислом мамлакатларида аёллар борган сари кўпроқ спорт билан шуғулланмоқдалар ва халқаро мусобақаларда иштирок этмоқдалар. Ҳаттоки энг ёпиқ ва ўта дин назорати кучли бўлган Саудия Арабистонида ҳам кейинги йилларда аёлларнинг спорт турлари билан шуғулланишига имконият берилмоқда.

Шунга қарамасдан, Афғонистондан эвакуация қилинган спортчи аёллар афғон байроғи остида мусобақаларда қатнашмоқдалар. Масалан, футбол бўйича афғон аёллар жамоаси ноябрда Қатарда ўзларининг биринчи матчини ўтказдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизим номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ