Деновдаги портлаш оқибати уй-жойи яроқсиз ҳолга келган одамлар бошқа жойга кўчирилган

Деновдаги портлаш содир бўлган савдо мажмуаси. Kun.uz сайти фотосурати

Денов марказида юз берган портлаш оқибатида 65 та уй зарар кўрган. Олтита уйнинг деворлари қулаб, яроқсиз ҳолга келган, қолган уйларнинг эшик ва деразалари синган. Портлашдан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан 24 та янги хонадон вақтинча ижарага олинган ва уй-жойи яроқсиз ҳолга келган фуқаролар ўша ерга кўчирилмоқда. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов маълум қилди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Шунингдек, ҳоким портлаш оқибатида савдо маркази атрофида жойлашган ижтимоий соҳа объектлари ҳам зарар кўрганини айтган. Тўра Боболов ҳолат ишчи гуруҳ томонидан синчковлик билан ўрганилаётгани, фуқаролардан кимдир уйини таъмирлаш етарли эканини айтаётган бўлса, яна кимдир янги уй олиб берилишини сўраётганини, ишчи гуруҳ хулосаси билан адолатли қарорга келинишини таъкидлаган.

Денов тумани ҳокимлиги хабарига кўра, ҳозирда енгил зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, вақтинча бошқа жойга кўчирилган оилаларга туман ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

7 декабрь куни Денов шаҳридаги «Инденим» савдо марказида юз берган портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган ва тўққизта одам шикастланган. Портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган. Дастлабки текширув натижасига кўра, савдо марказида газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш юзага келган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш») ва 259 («Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ