Тожикистонда ўзбек ишбилармонлари билан ҳамкорликда шафран етиштириш йўлга қўйилади

Тожикистонда шафраннинг биринчи ҳосили. Asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистонлик ишбилармонлар ўзбек ҳамкорлари билан биргаликда республикада илк бор шафрат (заъфарон) плантациясини барпо этишди, деб ёзади «Азия-Плюс» нашри. Италиядан сотиб олинган мазкур ўсимлик пиёзчалари Панжикент ва Рудаки туманларида экилди ва улар ҳосилга кирди.

AVAS Group директорлар кенгаши раиси Азим Ҳакимовга кўра, шу йилнинг июль ойида BMB Trade Group ўзбек компанияси билан шафран етиштириш бўйича BMB AVAS ZA’FARON қўшма корхонасини тузиш борасида шартнома имзоланган. Лойиҳадаги $3 млн суммадаги шафран Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштириш кўзда тутилган. Агар мазкур ўсимлик пиёзчалари маҳаллий шароитга мослашса, у ҳолда Тожикистонда ҳам ушбу доривор ўсимлик етиштирилади.

«Лойиҳа катта истиқболга эга, биз плантация майдонларини 1000 гектарга етказмоқчимиз. Америка, Малайзия, Саудия Арабистони ва Европа мамлакатлари бизлардан катта ҳажмда ушбу ўсимлик маҳсулотини сотиб олишга тайёр. Дунё шафран бозорига чиқиш Тожикистон экспорт салоҳиётини янада оширади», — дейди Ҳакимов.

У шафран етиштиришда уруғ қадашдан ҳосилни йиғишга қадар барча жараён қўл меҳнати эвазига амалга оширилишини таъкидлади. «Биз шафран етиштириш учун фақат аёлларни ишга жалб қиламиз, зеро бизда ишга жойлашмаган аёллар жуда кўп», — қўшимча қилди Ҳакимов.

Шафран (латинча номи Crocus sativus) — кулинария, фармацевтика соҳасида зиравор ва озиқ-овқат бўёғи сифатида қўлланилади. У дунёдаги энг қиммат зираворлардан бири ҳисобланади. Жаҳон бозорида унинг бир килоси $6 минг туради. Заъфароннинг қиммат туриши, уни етиштириш қийинлиги билан изоҳланади: битта шафран гули 3-4 та гулчанги беради, бир кило ҳосил йиғиш учун 200 мингта гул талаб этилади. Бир гектар ер майдонидан 4-10 кг ҳосил олиш мумкин.

Шафран ўсимлигини етиштириш асосан Эронда кенг тарқалган. Шунингдек, ушбу доривор ўсимлик Ҳиндистон, Греция, Италия, Афғонистон, Озарбайжонда етиштирилади. Кейинги йиллар Ўзбекистонда ҳам шафран етиштириш жадаллик билан ривожланиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ