ЮНИСЕФ Афғонистонни қутқариб қолиш учун $2 миллиард зарурлигини маълум қилди

Ariana News сайти фотосурати

ЮНИСЕФ (БМТ Болалар фонди) дунё ҳамжамиятини оғир аҳволда қолган 24 млн афғон ҳалқининг гуманитар эҳтиёжи учун $2 млрд миқдорида маблағ ажратишга чақирди. Ташкилот сайтида чоп этилган баёнотда айтилишича, Афғонистонда муҳтожликда қолганларнинг тенг ярми болалардир.

Бу ЮНИСЕФ тарихида битта мамлакат эҳтиёжи учун илк бор сўралган улкан маблағ ҳисобланади.

Баёнотда таъкидланишича, $2 млрд мамлакатда соғлиқни сақлаш, маориф тизимини таназзулдан асраб қолишга, камбағал оилалар ва болаларга энг керакли ижтимоий кўмак беришга сарфланади.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Афғонистонда озиқ-овқат масаласида аҳвол ўта оғир, қизамиқ, диарея, полиомиелит ва бошқа касалликлар тарқалган. Буларнинг барчаси кириб келаётган қиш мавсуми арафасида содир бўлмоқда.

«Афғонистондаги ҳозирги гуманитар вазият ўта оғир, айниқса болалар учун. Қиш фасли кириб келди. Қўшимча молиявий кўмак бўлмаса, ЮНИСЕФ ва унинг ҳамкорлари муҳтож оилаларга, болаларга ёрдам беролмайди», — дейди ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги вакили Элис Акунга (Alice Akunga).

Халқаро ташкилотнинг ҳисоб-китобига кўра, бу қишда беш ёшгача бўлган афғон болаларининг тенг ярми очарчиликдан азият чекади.

Шунингдек, агар ўқитувчиларга ойлик тўланмаса ва «мавжуд қашшоқ вазият ўзгармаса», у ҳолда 10 млн бола мактабда таълим оломай қолиши мумкин.

ЮНИСЕФ сўралган $2 млрд маблағни тўйиб овқатланамаётган бир миллион болани қутқариб қолишга, 10,5 млн болани қизамиққа қарши эмлашга, 11,5 млн одамни ичимлик суви билан таъминлашга, 7,5 млн боланинг таълим олиши учун мактабларда шароит яратишга сарфлашни мўлжаллаган.

Таъкидлаш жоиз, «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимятни қўлга олганидан сўнг Афғонистонда гуманитар вазият кескин оғирлашиб кетди. Бунга қурғоқчилик, жанговор ҳаракатлар, қўплаб хориж ташкилотларининг толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани сабаб бўлди.

Одатда, чет эл ҳукуматларининг ёрдами озиқ-овқат ва дори-дармон билан чекланади.

Афғонистоннинг хориждаги миллиардлаб долларли давлат активлари толибларнинг кўпгина давлатларда террорчи деб тан олингани ва уларнинг фойдалана олмаслиги учун музлатилган.

Шунга қарамасдан, Жаҳон банки Афғонистонни қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг музлатилган маблағларидан $280 млн ажратишга қарор қилди. Маблағ афғон халқига гуманитар кўмак бераётган БМТнинг Халқаро озиқ-овқат дастури ва Болалар фондига ўтказилади

· «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ