Мирзиёев Ўзбекистон Конституция куни муносабати билан 182 нафар маҳкумни авф этди

Ўзбекистон қамоқхоналарининг биридаги маҳкумлар. «Ўзбекистон 24» телеканали кадри

Ўзбекистон президенти 182 нафар маҳкумни авф этиш тўғрисида фармон имзолади. Мирзиёев бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халққа йўллаган байрам табригида айтиб ўтди. «Билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар» муддатидан олдин озод қилинади.

Мирзиёев амалдаги жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун «дастлабки ёрдам пакети» тизими жорий этилади. Шунингдек, ўзининг аниқ тадбиркорлик лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган собиқ маҳкумларга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан 10 миллион сўмгача ($930) бир марталик моддий ёрдам берилади. Бундан ташқари, маҳкумларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади ва пенсия тайинлашда инобатга олинади.

«Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди. Ижтимоий адолат тамойилига тўғри келмайдиган бундай чекловнинг бекор қилиниши маҳкумлар томонидан молиявий муҳтожлик туфайли такроран жиноят содир этишнинг олдини олишга хизмат қилган бўлур эди», — деди президент.

Давлат раҳбари келтирган маълумотларга кўра, бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган, 859 нафар шахс оқланган.

«Буларнинг барчаси суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир», — деб таъкидлади Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти давлат байрамлари арафасида мунтазам равишда авф этиш борасида фармонлар имзолайди. Оҳирги марта 215 нафар шахснинг авф этилишига доир шундай қарор жорий йилнинг август ойида, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами арафасида қабул қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ