Метрода 13 ёшли қизга тегажоғлик қилган йигит ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди

Kun.uz сайти коллажи

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди метрода 13 ёшар қизга тегажоғлик қилган йигитни икки йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар беради.

Суд йигитни Жиноят кодексининг 129- моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.

Айбдор шахснинг ҳибсда ушлаб турилган кунлари ҳисобга олиниб , унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ушланган ҳолда 1 йил 10 ой 21 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.

Мазкур кўнгилсиз воқеа 18 сентябрь куни пойтахт метрополитенида юз берганди. Бир эркак киши вояга етмаган қиз елкасини силайли. Қиз бу ҳолатни видеога олишга улгуради ва кейинчалик онасига кўрсатади.

Орган ходимлари тез орада ёвуз ниятли шахсни қўлга оладилар. ИИВ хабарига кўра, К.Ш. 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ҳозирда Олмазор туманида истиқомат қилади, муқаддам Жиноят кодексининг 166- (талончилик), 169- (ўғрилик) ҳамда 127-моддаларида (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судланган.

Шу йилнинг кузида Ўзбекистонда жамоат транспортида фроттеризм (тегажоғлик)га қарши кенг қамровли кампания бошланди. Уни тошкентлик кўнгиллилар ва Toshshahartransxizmat АЖ ташкил этди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан frotterizm.uz сайти тузилди. Унда муаммо моҳияти, тегажоғликнинг олдини олиш, бу мудхиш ҳодисага дуч келганларни қўллаб-қувватлаш борасида сўз юритилади.

Август ойида кампания ташкилотчилари жамоат транспортида юз бераётган тегажоғликка оид сўров ўтказдилар. Унда турли жинс ва ёшдаги юзга яқин инсон иштирок этди. Сўралганларнинг 87 фоизи фроттеризмни муҳим муаммо деб ҳисоблайди. 12,5 фоиз инсон жамоат транспортида тез-тез тегажоғликка учраган, 40 фоиз сўровда иштирок этганлар бир, икки марта ушбу муаммога дуч келганини айтганлар. Бу мудхиш ҳолатга нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам дуч келганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ