Тошкентда йўл кенгайиши ва янги транспорт боғламаси қурилиши муносабати билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.
«Пойтахтимиздаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони жойлашган манзилда йўл кенгайиши ва кўприк қурилиши ишлари режалаштирилган», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Бозорнинг қачон ва қаерга кўчирилиши тўғрисида маълумот берилмаган.
Бобур кўчасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичи кенгайтирилиб, ёнида ҳалқа шаклида айланма кўприк қуриш лойиҳаси шу йилнинг ноябрь ойида президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилганди.
Қўйлиқ бозори Ўзбекистондаги энг йирик бозорлардан бири саналади. Бир неча йилдан бери унинг кўчирилиши борасида гап юради. 2018 йил апрелда ўша пайтдаги Бектемир туман ҳокими Шопўлат Асқаров ҳам шу ҳақда сўз юритганди.
«Ҳозирда Тошкент вилоятида бозор кўчириладиган жой аниқланмоқда, у ерда янги павильонлар ва барча зарур инфратузилма бунёд этилади. Бу ишларни ўтган йили бошлаш режалаштирилганди. Янги бозор қуриб битказилганидан кейин Қўйлиқ деҳқон бозори у ерга кўчирилади, унинг ёнида жойлашган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори ўз ўрнида қолади. Буюм ва қурилиш бозорлари ҳам жойида қолади», — деганди Асқаров.
2020 йили Тошкентнинг Бектемир ва Сергели туманларидан оқиб ўтадиган Чирчиқ дарёсининг бир қисмини ободонлаштиришга бағишланган матбуот анжуманида, жумладан Қўйлиқ бозори ўрнида савдо мажмуалари, автотураргоҳ, мактаб, болалар боғчалари, тиббий муассаса ва бошқа объектлар қурилиши хабар қилинганди.