Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғининг ўринбосари А. Т. $29 минг миқдорида пора олаётганда қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беради.
А.Т. Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида, 2020 йил октябрь ойларида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанлигига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.
А.Т. жорий йил 5 декабрь куни соат 22 ларда Миробод туманида жойлашган «Мустафо» ресторанида Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилганлиги учун 29 минг АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳамкорлигида ўтказилган. Назорат ташкилоти матбуот хизмати хабарига кўра, А.Т 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Бундай жиноят учун 400 дан 600 базавий ҳисоблаш миқдорида (ҳозирда БҲМ — 270 минг сўм ёки $25 ташкил этади) жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.
Бош прокуратура кенг жамоатчилик эътиборини яна бир бор прокуратура органларида коррупцияга қарши «муросасиз ва кескин кураш олиб борилаётганига» қаратади ва ҳар бир фуқарони жамиятда, хусусан прокуратура органларида коррупцияни таг-томири билан бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақиради.
«Агар прокуратура органларининг бирон-бир ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) ни кузатсангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармасининг (71) 202-08-28 рақамли «Ишонч телефони» га маълум қилишингизни сўраймиз», — дейилади назорат ташкилоти хабарида.
Ҳозирда Бош прокуратура томонидан давлат бошқаруви органларида коррупциянинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Шу боис прокуратура барча фуқароларни, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, журналист ва блогерларни мазкур жараёнда фаол иштирок этишга чақиради. Таклифларни @Antikor_tashabbus_bot манзилига юбориш мумкин.