АҚШ бўлажак Хитой қишки Олимпиада ўйинларига нисбатан дипломатик байкот эълон қилди. Бироқ, бу қарор Пекинда бўлиб ўтадиган спорт мусобақаларида иштирок этадиган спортчиларга таъсир қилмайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифингда маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
«Жо Байден администрацияси 2022 йили Пекинда ўтказиладиган қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига бирорта дипломат ёки расмий вакилини юбормайди», — деди АҚШ президентининг расмий вакили.
«АҚШ жамоаси спортчилари тўлиқ қанотимиз остида. Биз уларни юз фоиз қўллаб-қувватлаймиз», — дея қўшимча қилди Псаки.
Шунингдек, Псаки Вашингтон бу қароридан иттифоқчилари ва хориж ҳамкорларини огоҳлантирмаганини айтди. Бундан аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Чжао Лицзянь агар АҚШ спортни сиёсатлаштиришни бас қилмаса, унинг ҳукумати Байден администрациясига қарши «кескин чоралар» кўришини айтиб ўтганди.
АҚШдан ташқари, 2022 йил Хитойда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларига Канада ва Норвегия, шунингдек дунё мамлакатларидаги икки юзга яқин ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари қарши чиқдилар. Бунга Хитойнинг Синжон -Уйғур автоном районида инсон ҳуқуқларининг поймол этилаётгани сабаб бўлди.
Ноябрда немис тадқиқотчиси Адриан Ценц (Adrian Zenz) «Синжон ҳужжатлари»ни эълон қилди. Унда Хитой Компартиясининг етакчиси Си Цзиньпиннинг уйғур ва бошқа майда этник гуруҳларга нисбатан ўтказилаётган репрессияга алоқадор экани исботланади. Ценц ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги текширилиши учун Уйғур трибуналига (Буюк Британияда жойлашган ва Синжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ўрганадиган мустақил халқ суди — «Фарғона» изоҳи) топширган.
Ценц 2014 йили Си Цзиньпин ва бошқа Хитой ҳукумати вакиллари томонидан берилган баёнотлар ва Синжондаги кам сонли миллатларга қарши ўтказилаётган респрессия ўртасидаги боғликликни аниқлаган. Жумладан, Ценц ҳисоботига кўра, Си Цзиньпин уйғур оилаларида икки ва ундан ортиқ бола кўришликни тақиқлаш, 2022 йили 300 минг хан миллатини Синжонга кўчириш, «касал тафаккур»ни даволаш ва Синжондаги кам сонли этник гуруҳларни (уйғурлар, қозоқлар ва бошқалар) қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштириш зарурлигини таъкидлаган.
XXIV қишки Олимпиада ўйинлари 2022 йил 4 дан 20 февралга қадар Пекинда бўлиб ўтади. Бу қарор Халқаро олимпия қўмитасининг 2015 йил 31 июлда Куала-Лумпурда бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган.