Сурхондарёнинг Денов шаҳридаги «Инденим» савдо марказида юз берган портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўққиз одам шикастланган. Ўзбекистон ФВВ маълумотига кўра, икки қаватли бинодаги ҳодиса 7 декабрь куни эрталабки соат в 3:57 да юз берган. Бу пайт бинода 10 киши бўлган.
Чақнаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.
Ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига беш дақиқада етиб келган. Ёнғин соат 4:25 да ўчирилган. 30 дақиқа атрофида вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида бир нафар ҳалок бўлган фуқаро аниқланган. Турли хил тан жароҳатини олган одамлар шаҳар шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳодиса сабаб ва оқибатларини ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси воқеа жойида иш олиб бормоқда. Комиссия таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Дастлабки текширув натижасига кўра, «Инденим» савдо марказида газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш юзага келган.