Таёқлар билан қуролланган ўзбек ва туркманлар ўз ерларидан толибларни ҳайдаб юборганлар

Ўзбек ва туркманларни қўчириш учун Қўштепага келган толиблар. Хаваскор видеоёзувидан кадр

Афғонистоннинг шимолий вилояти Жузжонда истиқомат қиладиган ўзбек ва туркманлар таёқлар билан қуролланган ҳолда «Толибон»* радикал ҳаракати жангариларини қувиб солдилар. Aamaj News ахборот агентлиги ўз ерларини ҳимоя қилаётган ўзбек ва туркманларга доир видеоёзувни эълон қилди.

Ҳодиса туркий халқлар яшайдиган Қўштепа қишлоғида юз берган.

Бундан бир ҳафта олдин «Толибон» жангариларининг Қўштепа қишлоғи аҳлини мажбуран қўчиришга уринаётгани тўғрисида хабарлар тарқаганди. Жангарилар тортиб олинган ерларни, уйларни, қишлоқ хўжалиги техникаларини пуштун тилли кучи халқига бермоқчи бўлганлар.

Радикал ҳаракати қўмондонлари ичида куча миллатига мансуб одамлар кўп. Уч миллионли куча халқининг аксарияти кўчманчи бўлиб, улар ҳар ярим йилда яшаш маконини ўзгартириб турадилар.

Бир ҳафта олдин Қўштепа қишлоғида яшайдиган ўзбек ва туркманлар толибларга қарши норозилик намойишини уюштиргандилар.

«Толибон» радикал ҳаракатининг расмий вакили Иномулла Самангани 29 ноябрь куни мазкур воқеага доир баёнот берди. У Жузжон аҳолисининг мажбуран кўчиртирилаётгани ҳақидаги хабарни «миш-миш» деб атаб, толиблар маҳаллий халқ вакиллари ўртасида юзага келган муаммони ҳал этиш учун Қўштепа қишлоғига келганини маълум қилди.

Қўштепалик ўзбек ва туркманлар автоматлар билан қуролланган жангариларни таёқлар билан қувиб солганлар.

Таъкидлаш жоиз, бу — толибларнинг туркий халқ вакилларини кўчириш учун биринчи бор уринишидир. Бундан олдин жангарилар Дайкунди, Урузган, Гилмент ва Балх вилоятларида яшовчи шиа масҳабига мансуб минглаб ҳазораларни мажбуран уйларидан кўчириб, ерларини тортиб олганлар. Тортиб олинган ер ва мулклар «Толибон» ҳаракатининг ўзагини ташкил этувчи пуштунларга бўлиб берилган.

Шуни қўшимча қилиш лозим, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашувда «Толибон» ҳаракатининг олий мартабали мулозимлари Афғонистонда этник ўзбекларнинг камситилишига йўл қўйилмаслигини вада қилганлар. Бундан ташқари, толиблар афғон мактаблари ва университетларида ўзбек тили таълими бўйича шароитлар яратилишини таъкидлаганлар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатлар томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ