Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари $5,9 млрд миқдорида шартномаларни имзоладилар

Ўзбекистон ИТСВ матбуот хизмати фотосурати

Нур-Cултонда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ва Ўзбекистон-Қозоғистон Ишбилармонлар кенгашининг 4-йиғилишида $5,9 млрд миқдорида шартномалар имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Жумладан, Қозоғистон Тадбиркорлари миллий палатаси (ТМП) маълумотларига кўра, мажлисда $2 млрд миқдорида 15 та шартнома имзоланган. Уларнинг орасида Karlskrona LC AB, «ЭСК KazakhExport» АЖ (Қозоғистон) ва Навоий вилояти ҳокимияти ўртасида насос ва электр техника жиҳозлари экспортини йўлга қўйиш ва «Навоий» эркин иқтисодий зонасида «Karlskrona LC AB» корхонаси насосларини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди.

Шунингдек, «Группа компаний «Аллюр» (Қозоғистон) АЖ ва «ЎЗАВТОСАНОАТ» ўртасида Chevrolet Nexia енгил атомобилларини ишлаб чиқариш ва эҳтиёж қисмларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Ушбу лойиҳанинг қиймати 160 млрд тенге ($365 млн)ни ташкил этади, деб хабар беради Tengrinews.kz.

«Горные работы» компанияси (Қозоғистон) ва Yangi-Angren issiqlik elektr stansiyasi (Ўзбекистон) беш йил давомида қозоқ кўмирини Янги Ангрен иссиқлик электр станциясига етказиб бериш бўйича келишиб олди.

Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармоя киритиш доирасида Қозоғистоннинг BI Group қурилиш холдинги билан Тошкент ҳокимияти ўртасида келишув имзоланди. Қозоғистонлик қурувчилар Тошкентда Murad Buildings компанияси билан ҳамкорликда $500 млн миқдорида турар-жойлар, ижтимоий объектлар ва тижорат инфратузилмаларини барпо этадилар.

ТМП бошқарув раиси Аблай Мирзахметовга кўра, 2021 йил якунларига бўйича Ўзбекистон

$4 млрд миқдорида савдо ҳажми билан Қозоғистоннинг ҳамкор-давлатлар бешлигига киради.

«Мамлакатларимиз ўртасида мавжуд потенциал охиригача ишга туширилмаган. Бугунги кун имзоланган шартномалар ичида автосаноат, қурилиш сектори ва енгил саноат етакчилик қилмоқда. Лекин биз қишлоқ ҳўжалиги соҳасида кенг имкониятлар борлигини биламиз. Озиқ-овқат маҳсулотларидан ун, макарон, қандолат, гўшт, мева-сабзавот маҳсулотлари, шунингдек енгил саноат ва фармацевтика товарларини ишлаб чиқариш бўйича кенг имкониятлар мавжуд», — деди Мирзаҳметов.

«Беш йил ичида икки мамлакат ўртасида савдо айланмаси 60% га ўсиб, $3 млрд.дан ошди, 2021 йил 10 ойи мобайнида ўсиш суръати 37 фоизни ташкил этди, — деди Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов. — Президентларимиз 2022 йили савдо ҳажмини $5 млрд.га ва яқин йилларда $10 млрд.га етказиш вазифасини қўйдилар. Бу ишларни амалга ошириш, ҳамда тадбиркорларимизнинг ўзаро фаол савдо ишларини юритиши ва биргаликда учинчи мамлакат бозорларига чиқиши учун ҳамкорликда «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқдик».

Бизнес-форум ва ишбилармонлар кенгаши 4 декабрь куни — президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи арафасида ўтказилди. 6 декабрь куни бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш иқтиқболлари муҳокама қилиниши, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилиши режалаштирилган.

Учрашув натижалари бўйича 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ