Пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларнинг ватанига қайтишлари учун «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан декабрь ойида «Волжский-Тошкент» йўналиши бўйича 483-сонли махсус йўловчи поездининг 8 та қатнови амалга оширилади.
4 декабрь куни соат 20:57 да «Волжский» вокзалидан (Волгоград вилояти) поезднинг биринчи рейси амалга оширилди. Қолган рейслар 6, 10, 13,17, 20, 24, 27 декабрь кунлари соат 20:57 да шу вокзалдан Тошкентга йўл олади. Ушбу поезд учун фақат бир томонга, яъни Россиядан Ўзбекистонга чипталар сотилади. Чипталарни РФ темир йўл кассаларидан, шунингдек «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси сайтидан электрон тарзда харид қилиш мумкин.
Ноябрь ойида мана шундай рейсларнинг бештаси амалга оширилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон темир йўллари» АЖ жорий йилнинг май ойида Волжский вокзалидан ўзбекистонликларни олиб кетиш учун махсус поезд қатновини йўлга қўйганди. Рейс Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган халқаро шартномага асосан амалга оширилди.
Маълумки, ўтган йили бошланган коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон ўз чегараларини ёпиб, барча мамлакатлар билан темир йўл, авиа алоқаларни тўхтатган эди. Россия ҳам ҳудди шундай йўл тутди. Пандемия авжига чиққан ёз фаслида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари уйларига қайтолмай, Россия ва Қозоғистон чегарасида қолиб кетдилар ва палаткали лагерларда яшашга мажбур бўлдилар. Ўзбекистонликлар чартер поезд ва авиа рейслар орқали ватанга қайтишга муваффақ бўлдилар.