АҚШ ва Европа Иттифоқи «Толибон»дан собиқ афғон армияси ҳарбийларининг қатл этилаётгани ҳисобини сўради

«Толибон» жангарилари. Facebook тармоғи фотосурати

АҚШ, Европа Иттифоқи ва 20 та давлат «Толибон»*ни собиқ афғон ҳарбийларининг ўлдирилаётганига доир воқеаларда айблаб, ундан шаффоф текширувлар олиб борилиши ва айбдорларни жазога тортилишини талаб қилди.

«Кейинчалик бундай мудхиш воқеалар такрорланмаслиги учун хурезликлар оммага ошкор қилиниши шарт», — дейилади АҚШ Давлат департаменти сайтида чоп этилган қўшма баёнотда.

Ҳужжат Қўшма Штатлари, Австралия, Бельгия, Болгария, Канада, Дания, Европа Иттифоқи, Финляндия, Франция, Германия, Япония, Нидерландия, Янги Зеландия, Шимолий Македония, Польшя, Португалия, Руминия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташилоти томонидан 30 ноябрда имзоланган.

«Биз HRW ва бошқа ташкилотлар томонидан қайд этилган собиқ афғон хавфсизлик хизмати ходимларининг изсиз йўқолаётгани ва қатл этилаётганига доир хабарлардан чуқур хавотирдамиз. Бу ҳаракатлар инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг қўпол бузилиши бўлиб, толиблар томонидан эълон қилинган авфнинг ҳаққонийлигини инкор этади. Биз «Толибон»ни собиқ афғон хавфсизлик хизмати ва ҳукумат мулозимларига нисбатан жорий этган авф қарорини тўлақонли бажаришга чақирамиз. Биз толибларга уларнинг ҳаракатидан келиб чиқиб баҳо беришни давом эттирамиз», — дейилади баёнотда.

HRW ташкилоти Ғазна, Гилменд, Қандаҳор ва Қундуз вилоятларида 15 августдан 31 октябрга қадар содир этилган юздан ортиқ қотилликлар юзасидан ишончли маълумотларни йиққан. HRW қурбон бўлган одамларнинг қариндошлари, дўстлари, собиқ ҳукумат мулозимлари, журналистлар, гувоҳлар, тиббиёт ходимлари ва «Толибон» жангариларидан интервью олган.

Сентябрь ойи сўнггида толиблар инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, ўғирлик, коррупция ва бошқа жиноятлар тўғрисидаги хабарларни текшириш учун махсус комиссия тузилишини эълон қилдилар. Бироқ, комиссия бирорта қотиллик билан боғлиқ тергов натижаларини маълум қилмади, фақат ўғирлик ва коррупцияда айбланган «Толибон» вакилларининг ҳибсга олинганини эълон қилди.

«Суиистеъмолчиликка барҳам бериш, айбдорларни жавобгарликка тортишга оид толиблар баёноти пиардан бошқа нарсага ўхшамайди. Ҳисобот жавобгарлигининг йўқлиги БМТ томонидан Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси юзасидан мунтазам назорат ўрнатиш заруратини кўрсатади. Бунга ишончли мониторинг, текширув ва очиқ ҳисобот бириктирилмоғи лозим», — дейди Патриция Госсман (Patricia Gossman), HRWнинг Осиё мамлакатлари бўйича раҳбар ўринбосари.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлар ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ