Ўзбекистонда илк бор БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг мажлиси ўтказилади

Азиз Абдуҳакимовнинг Мадридда бўлиб ўтган UNWTO мажлисидаги нутқи. Uzbektourism.uz сайти фотосурати

2023 йили Самарқандда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг (UNWTO) 25-сессияси ўтказилади. Бундай қарор Мадридда бўлиб ўтган UNWTO 24 сессияси якунида қабул қилинган ва уни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди..

«Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ таркибига кирувчи ташкилотнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир. Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25 Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади», — дея Азиз Абдуҳакимов сўзларини келтиради вазирлик матбуот хизмати.

Ўзбекистон делегацияси ташкилотнингт24 — сессиясида иштирок этиш учун 30 ноябрдан 2 декабрга қадар Испания пойтахтида бўлди. 2023 йилда UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилган. Овоз бериш жараёни якунига кўра, Ўзбекистон яққол устунлик қилган ва Бош ассамблеяни ўтказиш жойи этиб Самарқанд шаҳри танланган.

Ҳозирда Самарқандни дунё сайёҳлик марказига айлантириш учун кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу нуфузли тадбирни ўтказиш мақсадида 212 гектар майдонда Samarkand Touristic Centre бунёд этилмоқда. У ерда New Renaissance конгресс-холли, меҳмонхоналар, ресторанлар, дам олиш масканлари, савдо марказлари, амфитеатр, ва бошқа объектлар қурилади. Мазкур объектларни 2022 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ