Олий Мажлис Қонунчилик палатасига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга доир қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ўзининг Telegram-каналида хабар беради.
«Эндиликда, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда», — деб ёзади у.
Пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиянотлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. Ҳозирда ушбу жиноят учун максимал 15 йил қамоқ жазоси кўзда тутилган.
«Энг асосийси, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда», — деб таъкидлайди агентлик раҳбари.
Бугун бундан аввалроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тошкентлик бир аёл томонидан пойтахт ҳокимлигига Mercedes Benz S500 Hybrid русумдаги автомобиль совға қилингани тўғрисидаги хабарни текшириб чиқишини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда машина шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинганига доир хабарлар тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари $200 минг нархдаги совғани шубҳа остига олиб, бу борада текширувлар олиб борилиши кераклигини ёзгандилар.
Агентлик текширув натижаларини бир ой ичида ошкор қилишини маълум қилди.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш 2016 йилда бошланган, лекин бунга оид дастур орадан уч йил ўтиб тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йили тузилган бўлиб, у фақат президентга бўйсунади ва парламент олдида ҳисобот беради.