Иш фаолиятида йўл қўйган хато-камчиликлари учун Андижон вилояти прокурори Ғайрат Фозилов Бош прокурор буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб хабар беради.
Нашр манбасига кўра, жорий йил 18 ноябрь куни Бош прокуратуранинг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Андижон вилояти прокурори Ғайрат Фозилов кескин танқидга учраган. Фозилов ушбу мажлисдан сўнг ишга чиқмаган.
Аввалроқ, 18 ноябрь куни бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошчилигида Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун 18 нафар ходим интизомий жазога тортилган эди.
Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz нашрига маълум қилишича, Фозиловни ишдан олиш буйруғи 25 ноябрь куни имзоланган. Эшмурод Жўраев Андижон вилоят прокурори вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган. У бунга қадар Бош прокуратурада мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Ғайрат Фозилов 2018 йил январда Андижон вилоятига прокурор этиб тайинланган эди.
Ҳайъат йиғилишидан бир неча кун олдин, 12 ноябрь куни Андижон вилояти прокуратураси ходими 15 минг доллар пора олаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган эди.